Фестиваль санъатсевар халқларни бирлаштирмоқда

27.08.2019 20:54 88 Улашиш
Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали давом этмоқда. Дунёнинг турли мамлакатларидан келган хонандаю созанда, бадиий жамоалар тайёрлаб келган мусиқий дастурларини намойиш этмоқда. Самарқанд вилоятининг истироҳат боғлари, сайлгоҳ ва хиёбонларида фестиваль қатнашчилари билан маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
 
ЎзА мухбири анжуман иштирокчиларининг айримларидан интервью олди.
 
Шеруб ГЙЕЛТШЕН, Бутан Қироллиги маданият ва ички ишлар вазири:
 
– “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали очилиш маросимида фахрий меҳмон сифатида иштирок этдим. Бунинг учун Президент Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорлигимни билдираман.
 
Ўзбекистон бой тарихий-маданий меросга эга мамлакат. Бунга Самарқанд мисолида яна бир бор амин бўлдим. Амир Темур мақбараси, Афросиёб музейи, бошқа тарихий обидаларда бўлиб, халқингизнинг шонли тарихи билан танишдим.
 
Шоҳи Зинда ансамбли кошинларида турли дин, миллат вакиллари маданияти уйғунликда акс эттирилганини кўриб, “Шарқ тароналари”ни ўтказиш учун бу шаҳар бежиз танланмаган экан, деган хулосага келдик.
 
Буюк даҳолар етишиб чиққан шаҳарда бугун дунё мусиқаси янграмоқда. Тадбир очилишида Ўзбекистон раҳбари ҳам иштирок этди. Президентингиз миллатлар ўртасида бирдамликни қарор топтириш, маданий мулоқотни фаоллаштиришда фестивалнинг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлади.
 
Дунё халқларининг маданияти турлича. Аммо санъатга ҳурмат, миллий анъаналарни асраб-авайлаш туйғуси ҳамма учун бир. Айниқса, мусиқа санъати инсонларда юксак фазилатларни камол топтиради. “Шарқ тароналари” фестивали шу жиҳатдан ҳам барча санъатсевар халқларнинг байрамидир.
 
Арсен ПЕТРОСЯН, “Arsen Petrosyan Quartet” мусиқий жамоаси аъзоси (Арманистон):
 
– Шарқ халқлари меҳмондўстлиги, бой қадриятларга эгалиги, уларни бугунги кун нуқтаи назаридан келиб чиқиб янада ривожлантиришга интилиши билан ажралиб туради. Ўзбекистонга келиб, халқингизнинг миллий урф-одатларини асраб-авайлаши, жумладан, қадимий оҳанглар, ижрочилик анъаналарини юксак қадрлашига гувоҳ бўлдим.
 
“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросимида қатнашдим. Таассуротларим чексиз. Афсонавий Регистон саҳнида янграган ўзбек миллий куй-қўшиқларини тинглаб, мозийга сайр қилгандек бўлдим.
 
Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёевнинг иштироки унга янада кўтаринки руҳ бахш этди. Давлатингиз раҳбари ўз нутқида мусиқанинг инсон ҳаётидаги ўрнига тўхталди. Сайёрамизда келишмовчилик ва қарама-қаршиликлар авж олган бугунги замонда одамзот тобора ўз қобиғига ўралиб бораётгани, мусиқа эса инсонга инсонлигини эслатиб туришини, унинг қалбида келажакка умид уйғотишини таъкидлади.
 
“Шарқ тароналари“ халқаро мусиқа фестивали инсонийлик ҳақида достон яратилажак нуфузли тантана бўлишига ишонаман.
 
Акбар ХОН “Akbar Khamisu Khan” мусиқий жамоаси аъзоси (Покистон):
 
– “Шарқ тароналари“ фестивали очилиш маросимида қатнашиб, унда ижро этилган ўзбек куйларидан англашилган маънони ҳеч бир тилмоч кўмагисиз тушундим. Фестиваль санъаткорларга нафақат турли халқлар маданияти, мусиқаси билан танишиш, балки ўз ижоди орқали халқининг саломини етказиш, Самарқанднинг файзу тароватидан баҳраманд бўлиш имконини бермоқда.
 
Куни кеча ислом оламида машҳур Имом Бухорий мажмуасида бўлдим. Мажмуадаги салобат, улуғ муҳаддиснинг ўлмас мероси ҳақидаги далиллар юртингизнинг буюк алломалар ватани экани ҳақида таассурот қолдиради.
 
Мусиқий жамоамиз билан она шаҳрим Синд замини ҳақида куйлашни режалаштирганмиз. Тадбир иштирокчилари ва меҳмонларини миллий чолғу асбобимиз алгоза ёрдамида ижро этиладиган ижод намунамиздан баҳраманд бўлишга чорлаб қоламан.
 
Элемон КАНЙБЕКОВ “Дуэт комузистов” мусиқий жамоаси аъзоси (Қирғизистон):
 
– Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтган Қирғизистон маданияти ва санъати кунларида қатнашган эдик. Бу гал қардош Ўзбекистон халқига, фестиваль иштирокчиларига қирғиз элининг дўстлик саломини олиб келдик.
 
Президент Шавкат Мирзиёев халқаро минбарлардан туриб, дунё ҳамжамияти эътиборини маърифатли авлодни тарбиялаш масаласига қаратиб келмоқда. Бу бежиз эмас. Боиси маънавиятли ёшларнинг ҳаётга муносабати, умумбашарий қадриятларга ҳурмати баланд бўлади.
 
 
Афсонавий Самарқанднинг узоқ ўтмишини акс эттирадиган мунаввар кошоналари, муаттар ҳавоси билан бирга, бу муқаддас заминдан таралаётган дилбар ва мафтункор тароналар ҳам келажак авлод вакиллари учун меҳр-муҳаббат, илм зиёси бўлишини тилаб қоламан.
 

 

Хуршид ҚОДИРОВ ёзиб олди. ЎзА