Жамоалар Регистонда куйламоқда

28.08.2019 08:58 128 Улашиш
Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари 27 август куни танлов дастури бўйича чиқишларини бошлади.
 
Перунинг “Луз Катарине” жамоаси бу галги фестиваль танловида биринчи мусиқий дастурни намойиш этган жамоа сифатида тарихда қоладиган бўлди.
 
– Бундан йигирма йил олдин китобда Самарқанд ҳақида ўқиб, бу шаҳарга мафтун бўлиб қолганман, – дейди Луз Катарине хоним. – Шундан буён Самарқандга келишни орзу қилардим. Мана “Шарқ тароналари” фестивали туфайли дунёнинг энг қадимий ва гўзал шаҳрига келганимиздан жуда хурсандмиз. Танловда ҳам биринчи бўлиб чиқишимиз бизга ўзгача қувонч бағишлаши билан бирга катта масъулият ҳам юклади. Бу гўзал майдонда қўшиқ куйлашнинг гашти бошқача экан. Перу халқининг тўртта миллий, халқ қўшиқларини тайёрлаб келган эдик. Томошабинлар катта қизиқиш билан тинглаб, олқишлаб тургани бизга далда бўлди.
 
photo_2019-08-27_21-01-39.jpg
 
Шундан сўнг, Кореянинг “Эулссу” фольклор санъати жамоаси, Бангладешнинг “Шилпакала академи”, Афғонистоннинг “Ҳафт гоҳ” гуруҳи фестивалга тайёрлаб келган дастурларини тақдим этди.
 
– Шу пайтгача бизнинг мамлакатдан келган жамоаларнинг аксарияти “Шарқ тароналари”да муваффақиятли иштирок этган, – дейди Мун Сунг Соок хоним. – Биз ҳам ўзимизнинг қадимий миллий қўшиқларимизни тайёрлаб келганмиз. “Ариранг”, “Мирянг ариранг”, “Хангканг сутан йонг” ва “Петноре” ашулаларимиз корейс халқининг маданий мероси ҳисобланади.
 
photo_2019-08-27_21-01-40.jpg
 
Шунингдек, танловнинг дастлабки кунида Мўғулистон, Португалия, Сингапур, Туркманистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон вакиллари, Голландия, Ироқ, Туркия давлатларининг халқаро “Мундис трио” жамоалари ўз мусиқий дастурларини томошабинлар ва ҳакамлар эътиборига ҳавола қилди.
 
Фестивалнинг бошқа иштирокчилари эса Самарқанд шаҳри ва Тойлоқ туманидаги маданият ва истроҳат боғларида ўз концерт дастурларини намойиш этди.
 
photo_2019-08-27_21-01-41.jpg
 
Хабар берганимиздек, бу йилги фестивалда дунёнинг 75 давлатдан 340 нафар иштирокчи қатнашмоқда. 32 мамлакат мусиқий жамоалари, хонанда ва созандалари танловда ўз мусиқий дастурларини тақдим этади.
 
Танлов иштирокчиларининг чиқишлари бу йил икки йўналиш – профессионал тарздаги халқ мусиқа ва қўшиқлари ҳамда анъанавий йўлда ижод қилинган замонавий мусиқа ёки қўшиқ йўналишларида баҳоланади. Уларни 11 нафар халқаро ҳакамалар ҳайъати баҳолаб боради. Ҳайъат таркибида Ўзбекистондан таниқли бастакор, профессор Ойдин Абдуллаева ҳам бор.
 
photo_2019-08-27_21-01-44.jpg
 
photo_2019-08-27_21-01-45.jpg
 
photo_2019-08-27_21-01-46.jpg
 
photo_2019-08-27_21-02-03.jpg
 
photo_2019-08-27_21-02-24.jpg
 

 

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (фото), ЎзА.